Қозоғистон биз ўйлагандан ҳам ривожланган давлат экан – корейс курашчиси
ASTANA. Кazinform - V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига келган кореялик курашчи О Жи Хен Қозоғистондан жуда ҳайратда қолганини айтди.
“Мен умримда биринчи марта Қозоғистонга келдим. Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида илк бор қозоқ кураши бўйича ўз кучимни синаб кўрдим. Бу мен учун албатта унутилмас лаҳзалар бўлади. Юртимда корейс кураши билан шуғулланаман. Мен эса қозоқ юртида илк бор омадимни қозоқ курашида синаб кўрдим. Афсуски, биринчи жангимда мағлуб бўлдим. Аммо мағлубиятга учраган бўлсам ҳам, ўзимнинг тажрибам бор деб ўйлайман. Қозоқ кураши нималигини кўрдим, тушундим. Шу пайтгача мен видеолардан усул қилиш қоидалари ва тамойилларини ўрганиб, ўзим ўрганган эдим. Мана бугун ўз кўзим билан кўрдим”, — деди полвон қиз.
Бундан ташқари, у Қозоғистон ўзи ўйлагандан ҳам ривожланган давлат эканини кўриб, жуда ҳайратга тушганини таъкидлади.
“Мен Қозоғистонни кичик, кам ривожланган, аҳолиси кам давлат деб ўйладим. Келганимда ҳаммаси бошқача кўринди. Қозоқ мамлакати биз ўйлагандан ҳам анча ривожланганини кўриб, жуда ҳайрон бўлдим. Пойтахтларингиз қанчалик гўзал. Халқингиз нақадар меҳмондўст! Менга ҳамма нарса жуда ёқди. Кўчманчилар ўйинини жуда юқори савияда ташкил этаётганингиз аниқ. Агар рухсат берсангиз, қозоқ курашини тўлиқ ўзлаштириб, юртингизга яна мусобақага келишни истардим”, — деди кореялик курашчи О Жи Хен.
Эслатиб ўтамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг учинчи куни ўз ниҳоясига етди. Қозоғистон терма жамоаси айни дамда 21 та олтин, 10 та кумуш, 17 та бронза (48) медали билан умумий ҳисобда пешқадамлик қилмоқда.