Қозоғистон бир қатор давлатлар билан сармояларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим тузади

документы
Фото: Мухтор Холдорбеков/Kazinform

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон бир қатор давлатлар билан сармояларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим тузмоқчи. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Назира Нурбаева Мажилиснинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси йиғилишида маълум қилди.

“Сиёсий даражада йирик инвестор давлатлар билан инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш бўйича шартномалар тузиш орқали ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилинмоқда. Бугун Туркия, Саудия Арабистони, Хитой, Индонезия, Қатар ва Туркманистоннинг контрагентлари билан келишув матнини муҳокама қилиш бўйича 30 га яқин музокаралар ўтказилди”, – деди Назира Нурбаева.

Шунингдек, Италия, АҚШ, Хитой, Канада, Ҳиндистон ва Индонезия билан шартномалар имзолаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

“Давлат раҳбарининг қарорига кўра, Инвестицияларни жалб қилиш бўйича кенгаш фаолияти тўлиқ қайта форматланди. Унинг асосий вазифаларидан бири марказий ва маҳаллий давлат органлари ҳамда квазидавлат сектори субъектлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этишдан иборат”, – деди вазир ўринбосари.

Штабнинг янги форматдаги 11 та йиғилиши ўтказилди. Улар давомида маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг бир қатор аниқ ҳолатлари кўриб чиқилди. Унда муаммоли масалалар, бюрократик тўсиқлар аниқланиб, уларни зудлик билан ҳал этиш бўйича марказий давлат органлари, ҳокимликлар ва миллий компанияларга 130 та топшириқ берилди.

Сўнгги хабарлар