Қозоғистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинларининг барча босқичларида ғолиб чиқди
Қуролли Кучлар миллий ҳарбий-ватанпарварлик марказида Халқаро армия ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Жамбил, Қарағанди ва Ақмола вилоятларидаги учта полигонда «Артиллериядан отиш усталари», «Тактик мерган», «Меридиан» мусобақалари ўтказилди. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Венесуэла, Вьетнам, Зимбабве, Эрон, Хитой, Қирғизистон, Мали, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этди.
Қозоғистон ҳарбий хизматчилари учала мусобақада ҳам ғолибликни қўлга киритди.
Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Марат Қусайинов ҳарбий мусобақа якунларини эълон қилди.
Жумладан, Жамбил вилоятидаги «Гвардейск» полигонида ўтказилган «Артиллериядан отиш усталари» мусобақасида Қозоғистон миномётчилари биринчи ўринни эгаллади. Барча босқичлар натижаларига кўра иккинчи ўринни Россия ҳарбий хизматчилари, учинчи ўринни Озарбайжон артиллериячилари эгаллади.
Қарағанди вилоятидаги «Спасск» ўқув полигонида ўтказилган «Тактик мерган» мусобақасида Қозоғистон терма жамоаси биринчи босқичдан пешқадамликни қўлга киритди. Жангчилар барча босқичларда ишончли ғалаба қозониб, мусобақа якунларига кўра биринчи ўринни эгаллади. Хитой терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўринни Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари бўлишди.
Ақмола вилоятидаги «Амандиқ» полигонида ҳарбий топографлар ўз касб маҳоратини синовдан ўтказди. «Меридиан» мусобақасида Қозоғистон жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни хитойлик ҳарбийлар, учинчи ўринни Ўзбекистон ва Беларусь жамоалари бўлишди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари медаль ва дипломлар билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир танлов бўйича индивидуал номинациялар бўйича ғолиблар совғалар билан тақдирланди.