Қозоғистон алюминий ва мисни қайта ишлаш ҳажмини икки баравар оширмоқчи

ASTANA. Kazinform — Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев мамлакатдаги қайта ишлаш саноатининг ҳолати ҳақида маълумот берди.

алюминий ишлаб чиқариш
Фото: invest.gov.kz

“2024 йилдан бошлаб, уч йилдан бери қайта ишлаш саноатининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши кончилик соҳасиникидан юқори бўлиб келмоқда. Сўнгги уч йилда ишлаб чиқариш ҳажми 14,5 фоизга ошди. Соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми икки баравар кўпайиб, 3 триллион тенгени ташкил этди. Ўн ой якунларига кўра, ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 фоизга ўсди. Таъкидлаш жоизки, бу сўнгги 25 йилдаги энг юқори кўрсаткич”, — деди Ерсайин Нағаспаев Қурултойда «Қайта ишлаш секторини рағбатлантириш ва офтейк-шартномаларни жорий этиш тўғрисида» мавзусида ўтказилаётган Ҳукумат соатида.

Вазирнинг сўзларига кўра, қайта ишлаш саноатида металлургиянинг улуши 40 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда ушбу соҳада қарийб 109 минг киши меҳнат қилмоқда. Яъни металлургиянинг нафақат иқтисодиётдаги, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

“Шунинг учун олдимизда турган асосий вазифалардан бири — мамлакатимизда чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантиришдир. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб «Саноат сиёсати тўғрисида»ги қонун доирасида маҳаллий қайта ишлаш корхоналарига хомашёни имтиёзли нархларда сотиб олиш имконини берувчи махсус механизм жорий этилди. Унга мувофиқ, йирик металлургия корхоналари аввало маҳаллий қайта ишловчиларни хомашё билан таъминлаши, шундан кейингина хомашёни экспортга чиқариши мумкин. Бугунги кунда ушбу механизм мис, алюминий ва рух каби бир қатор металларга нисбатан қўлланилмоқда. Улар маҳаллий қайта ишловчи корхоналарга бозор нархидан 5 фоизгача арзон сотилмоқда. Натижада ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналар ўртасида 30 та келишув ҳамда мис катанкасини етказиб бериш бўйича 15 та савдо шартномаси тузилди. Бунинг натижасида Алмати шаҳрида радиаторлар, Чимкент шаҳрида профиллар, Жетису вилоятида замонавий аккумуляторлар ишлаб чиқариш, шунингдек, Саран шаҳрида металл буюмларини рухлаш корхоналари ишга туширилди. Умуман олганда, 2029 йил охирига қадар мамлакатимизда мис, алюминий ва рухни қайта ишлаш ҳажмини икки бараварга, қўрғошинни қайта ишлаш ҳажмини эса 14 фоизга ошириш режалаштирилган”, — деди вазир.