Қозоғистон 2027 йил охирига қадар 3G тармоғидан тўлиқ воз кечади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон 2027 йил охирига қадар 3G тармоғидан тўлиқ воз кечади. Бу ҳақда ҚР Бош вазир ўринбосари — Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.

Қозоғистон интернет тезлиги ва нархи бўйича дунёда нечанчи ўринда
Фото: Kazinform/СИ

“Ҳозирда қишлоқларнинг 84 фоизида мобил интернет мавжуд. 3G базавий станцияларини янгилаб, уларни 4G тармоғига ўтказяпмиз. Шаҳар ва қишлоқларда 5G тармоғини ҳам кенгайтириб боряпмиз. 2027 йил охирига қадар 3G тармоғидан тўлиқ воз кечиш режалаштирилган. Шу вақтга келиб, 4G тармоғи 5 291 та қишлоқни, 5G тармоғи эса 70 та шаҳар ва 300 та қишлоқни қамраб олиши керак. Натижада мамлакатдаги қишлоқларнинг 92 фоизида мобил интернетдан фойдаланиш имконияти яратилади”, — деди у.

Бош вазир ўринбосари ҳокимликлар базавий станцияларни ўрнатиш учун ер участкаларини ўз вақтида ажратиши ва электр тармоқларини тортиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

“Бу операторларга мобил алоқа тармоғини янада тезроқ кенгайтириш имконини беради. Олдимизда турган вазифа — республика ва вилоят аҳамиятига эга автомобиль йўлларининг 40 минг километрини мобил алоқа билан қамраб олиш. Бунинг учун антенналар ўрнатиладиган 500 дан ортиқ минора қуриш зарур. Ҳозирча қурилиш ишлари секин олиб борилмоқда. Лойиҳа инвестори «Транстелеком» қурилиш суръатларини жадаллаштириб, объектларни 2027 йил охирига қадар фойдаланишга топшириши керак”, — деди Жаслан Мадиев.