Қозоғистон 2026 йилда 43 минг тонна мол гўштини экспорт қилди
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон 2026 йилда мол гўшти экспортини 43 минг тоннага етказди. Бу ўтган йилнинг тўлиқ кўрсаткичига нисбатан 34,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Kazinform агентлиги ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига таяниб хабар беради.
Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаровнинг маълум қилишича, 2026 йилда мол гўшти экспорти ҳажми 43 минг тоннага етган. Шу билан бирга, хорижий мамлакатларга 30 минг тонна қўй гўшти ҳам етказиб берилган.
Қозоғистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган чорвачиликни ривожлантириш бўйича Комплекс режа амалга оширилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, барча турдаги гўшт ишлаб чиқариш ҳажмини 1,2 миллион тоннадан 1,8 миллион тоннагача, қишлоқ хўжалиги корхоналарида сут ишлаб чиқаришни эса 1,4 миллион тоннадан 2,1 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.
“Бизда маҳсулдорлик бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар бор. Бугунги кунда 100 бош сигирдан 64 та бузоқ олинмоқда. Бу кўрсаткични камида 80 тага етказиш зарур. Қорамолнинг ўртача кунлик вазн олиш кўрсаткичини 600-800 граммдан 1,5-1,8 килограммгача оширишни режалаштирмоқдамиз. Замонавий сут фермаларида эса бир сигирдан йиллик сут соғиб олиш ҳажмини 10 минг литрга етказиш кўзда тутилган”, — деди Айдарбек Сапаров.
Бундан ташқари, Шимолий Қозоғистон вилояти тажрибасини оммалаштириш дастури доирасида 2023 йилдан буён 102 та сут-товар фермаси лойиҳаси молиялаштирилган. Уларнинг 71 таси фойдаланишга топширилган.