Қозоғистон Корея билан сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Корея Республикасига расмий ташриф билан борди. Ташриф давомида у Президент Юн Сок Ёль билан учрашди ва ташқи ишлар вазири Чжо Тэ Ёль билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Корея давлати раҳбари билан учрашувда сўнгги йилларда эришилган икки томонлама сиёсий мулоқотнинг юксак даражаси қайд этилди. Корея Республикаси Президенти Қозоғистон-Корея стратегик шериклигини мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ошириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, М. Нуртилеу Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Корея Республикаси раҳбарига самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Корея Республикаси Осиё минтақасидаги муҳим ва ишончли ҳамкор эканини, кучли сиёсий алоқаларга эга эканлигини таъкидлади. 30 йилдан ортиқ дипломатик алоқалар давом этган даврда ривожланаётган иқтисодий ва маданий алоқалар билан мустаҳкамланган мулоқот ўрнатилди.
Шу куни Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Чжо Тэ Ёль билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Томонлар Қозоғистон-Корея ҳамкорлигининг сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги асосий масалаларини муҳокама қилдилар.
Суҳбат чоғида Корея Республикаси Президентининг яқинда Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга кучли туртки бергани таъкидланди.
М. Нуртилеу Корея Республикаси Қозоғистоннинг 5 йирик сармоядорларидан бири эканлигини, ўтган йил ҳолатига кўра ўзаро савдо ҳажми 6 миллиард АҚШ долларига етганини айтди. Ишбилармонлик алоқаларини жонлантириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилди.
Рақамли ва таълим лойиҳалари ҳам муҳим муҳокама мавзусига айланди. Учрашувда Қозоғистон ва Корея Республикаси «Astana Hub» IT паркини ривожлантириш, шунингдек, Сунъий интеллект ва катта маълумотлар миллий марказини яратиш доирасида ҳамкорлик қилаётгани айтилди. «SeoulTech» университети каби Корея олий таълим муассасалари кўмагида мамлакатимизда янги таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини очиш режалаштирилган.
Гуманитар алоқалар икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳати бўлиб қолмоқда. М. Нуртилеу Қозоғистонда яшовчи 120 минг корейс халқлар ўртасида “олтин кўприк” ролини ўйнашини қайд этди.
“Икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётгани, шунингдек, икки томонлама визасиз режим, икки давлат пойтахтлари ўртасида янги тўғридан-тўғри авиақатновлар очилаётгани, сайёҳлар оқимининг ортиб бораётгани халқларимизни бир-бирига яқинлаштиради", – деди Қозоғистон Республикаси ТИВ раҳбари.
Ўз навбатида, Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг содиқ ва ишончли ҳамкор эканини таъкидлади.
“Қозоғистонга киритилган Корея сармоясининг ярмидан кўпи мамлакатингизга тегишли, шунинг учун биз дўстлигимизни жуда қадрлаймиз”, – деди у.
Муваффақиятли музокаралар натижасида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Қозоғистон Республикаси ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди, унда олий даражадаги ташрифлар ўтказиш тўғрисидаги келишувлар назарда тутилган.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Қозоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган Қозоғистон-Корея маданий фотокўргазмаси бўлиб ўтди.