Қизилўрда вилоятида сифатли йўллар улуши ортди
QYZYLORDA. Kazinform – Жорий йилда Қизилўрда вилоятида 44 миллиард тенгедан ортиқ маблағга 300 километр йўл таъмирланди.
Қизилўрда вилоятига республика ва вилоят бюджетларидан ажратилган 44 млрд. 703 миллион тенгега 300 километр автомобиль йўллари таъмирланди. Шундай қилиб, яхши ҳолатда бўлган йўлларнинг улуши 92 фоиздан ошди.
Бу ҳақда вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев Марказий коммуникациялар хизмати томонидан Қизилўрдада ўтказилган брифингда маълум қилди.
“Вилоят марказининг асосий кўчалари тўрт қаторга кенгайтирилди. Қизилўрдада 4 млрд. 700 млн. тенгега Жанқожа батир кўчасидан ўтувчи темир йўл остидан автомобиль йўли, Орол, Янгиқўрғон туманларида қиймати 4 миллиард 500 миллион тенге бўлган темир йўл устидаги осма кўприк қурилмоқда”, – деди вилоят раҳбари.
Айтиш жоизки, кўп йиллардан буён кун тартибидан чиқмаган “Қизилўрда-Жезқазған” автомобиль йўли ҚР Президентининг бевосита топшириғига асосан модернизация қилинмоқда. Лойиҳа қиймати 108 миллиард 500 миллион тенге. Қизилўрда вилояти ҳудудига тегишли бўлган 216 километр йўлнинг 140 километри қуриб битказилди. Қолган қисми эса 2026 йилда топширилади.
Бундан ташқари, кўпчиликни ташвишга солаётган “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” халқаро йўлагининг Қизилўрдадан Ақтўбегача бўлган ҳудудини тўрт полосага айлантириш масаласи ҳам Давлат раҳбарининг фармойиши билан ҳал этилмоқда. “ҚазАвтоЖол” акциядорлик жамияти халқаро йўлакнинг ушбу ҳудудини 1-тоифага ўтказиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқмоқда.