Кишинёв аэропортида ўқ узган шахс банкирни ўғирлашда иштирок этган

«Кишинёв аэропортида ўқ узган Тожикистон фуқароси Рустам Ашуров 23 июнь куни «Ориёнбанк» ОАЖ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаб кетган уюшган жиноий гуруҳ аъзосидир», — дея маълум қилди Тожикистон Бош прокуратураси.
Прокуратура маълумотларига кўра, Рустам Ашуров ушбу жиноятни амалга оширгач, кейинчалик Европа Иттифоқи мамлакатларида яшириниш мақсадида Туркия орқали Молдовага қочиб кетган.
«Ориёнбанк» ОАЖ раҳбари ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев 23 июнь куни кечқурун тўрт нафар жиноятчи томонидан ўғирлаб кетилган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўғирлаб кетилган банкирнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 30 минг доллар мукофот эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Кишинёв аъропортида номаълум шахс ўт очган эди. Икки киши ҳалок бўлди. Ҳужумчи бир неча кишини гаровга олди. У махсус кучлар отрядининг операцияси вақтида қўлга олинган. Кишинёв аэропортида Молдова давлат чегарасини кесиб ўтаётганда унга мамлакатга кириш тақиқланган.