Қирғизистоннинг ЯИМ ҳажми 1,8 трлн сомдан ошди

ASTANA. Kazinform — Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўн ой давомида 1 трлн 866,4 млрд сомга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,5 фоизга кўпдир.

Қырғызстан
Фото: Kazinform

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бунга товар ишлаб чиқариш тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлаб чиқариш ҳажмининг, шунингдек, маҳсулотларга солинадиган солиқ тушумларининг ортиши таъсир кўрсатган.

ЯИМ таркибида хизмат кўрсатиш соҳаси 48,9 фоиз улуш билан етакчилик қилди. Саноатнинг улуши 18,2 фоизни, қишлоқ хўжалигининг улуши 8,4 фоизни, қурилиш соҳасининг улуши 9,4 фоизни, маҳсулотларга солинадиган солиқлар улуши эса 15,1 фоизни ташкил этди.

2026 йил январь-октябрь ойларида саноат маҳсулотлари ҳажми 770,9 млрд сомга етди. Бу кўрсаткичнинг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари (ичимликлар билан бирга) ва тамаки ишлаб чиқаришнинг 10,1 фоизга, фармацевтика маҳсулотларининг 13,5 фоизга, қурилиш материалларининг 29,3 фоизга, ёғоч ва қоғоз буюмлари ҳамда босма маҳсулотларнинг 36,5 фоизга, транспорт воситаларининг 38,3 фоизга ортиши таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, қайта ишланган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баробарга, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,4 баробарга, фойдали қазилмаларни қазиб олиш эса 7,5 фоизга ошди.

Шунингдек, қурилиш соҳасида ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Ушбу соҳада бажарилган ишлар ҳажми 1,6 баробарга ортди. Қишлоқ хўжалигидаги ўсиш 4,7 фоизни, улгуржи ва чакана савдодаги ўсиш эса 4,3 фоизни ташкил этди.

Бундан ташқари, 2026 йил январь-октябрь ойларида Қирғизистонда истеъмол нархлари ва хизматлар тарифлари 8,8 фоизга ошди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар нархи 7,7 фоизга, алкоголь ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари 8 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 7,6 фоизга, хизматлар тарифлари эса 12,2 фоизга кўтарилди.