Қирғизистонлик ишбилармонлар Атирау вилояти иқтисодиётига инвестиция киритиши мумкин
ATYRAÝ. Kazinform – Қирғизистонлик ишбилармонлар Атирау вилояти иқтисодиётига инвестиция киритиши мумкин. Бу масала Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов ва Қирғизистон Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дастан Дюшекеев билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг олти ойида Атирау вилояти ва Қирғизистон ташқи савдо айланмаси 3,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бунга икки давлатнинг маданият ва гуманитарлик, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлиги ижобий таъсир кўрсатди.
“Мустақилликка эришганимиздан буён икки давлат ўртасида қардошлик муносабатлари, савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Айни пайтда Атирау вилоятида Қирғизистон капитали иштирокидаги 20 та корхона рўйхатга олинган. Улар хизмат кўрсатиш, кўнгилочар, улгуржи ва бошқа соҳаларда хизматлар кўрсатади. Шу муносабат билан биз икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Қирғизистон сармоясини жалб этиш ва қўшма корхоналар ташкил этишдан манфаатдормиз. Агар Қирғизистон ва Атирау вилояти тадбиркорлари қўшма лойиҳаларни амалга оширса, бу халқаро ҳамкорлик ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга янги суръат бахш этган бўларди”, – дейди Серик Шапкенов.
Қирғизистон элчиси Дастан Дюшекеевга кўра, қардош давлатлар халқаро масалаларда муштарак позицияга эга.
“Икки давлат ўртасидаги қўшничилик муносабатлари азалдан узилмаган. Энди бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун катта имконият бор. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик натижасида товар айирбошлашни яхшилаш мумкин. Иқтисодиётга сармоя киритилишига тўсқинлик қиладиган муаммо йўқ. Ҳаттоки, транзит-транспорт, туризм соҳаларида ҳам алоқаларни ривожлантириш истиқболи бор”, — деди Дастан Дюшекеев.