Қирғизистонда тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда

В Кыргызстане продолжается работа по ликвидации последствий схода селей
Фото: ҚР Ташқи ишлар вазирлиги

ASTANA.Kazinform – Қирғизистонда Ош, Баткен, Жалал-Абад, Талас ва Шу вилоятларида кучли ёмғирдан кейин юзага келган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Созоқ тумани Қизил-Туу қишлоқ маъмуриятига қарашли Таштак, Қизил-Сенгир, Бостон қишлоқларида 150 та уй, 3 та ижтимоий объект, 1 та кўприк ва 50 гектар майдон вайрон бўлган.

Айни пайтда сув тошқинидан жабр кўрган маҳаллий аҳолининг уйларидан мотор насослари ёрдамида сув чиқарилмоқда. Аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган. Сел сувига тушган чорва ва қушларнинг жасадлари ёқиб юборилиб, қишлоқларда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус муҳандислик техникаси олиб келиниб, сел каналларини тозалаш ишлари бошланди.

Шунингдек, бир кун аввал Шу вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида сув тошқини бўлгани хабар қилинган эди. Шу туманининг Онбир-Зилга қишлоғидаги Қорағул дарасида сув тошқини бўлди. Аҳоли орасида қурбонлар йўқ. Ҳозирда вазият барқарор.

Кучли ёғингарчилик туфайли Бурана қишлоқ округида Бурана дарёси тошиб кетган. Шу кунга қадар Янги-Жол ва Ақ-Бешим қишлоқларидаги суғориш ариқлари бир неча бор тозаланиб, кўприк атрофи тартибга келтирилди. Сел оқибатларини бартараф этиш учун маҳаллий ҳокимият ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари сафарбар этилган.

Қирғизистоннинг учта вилоятида сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилган. Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров табиий офатдан жабр кўрган фуқароларга тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги хабарлар