Қирғизистонда рули ўнг томонда ўрнатилган таксилар ҳаракати тақиқланади
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги йўловчилар, багаж ва юкларни тижорат мақсадларида ташиш учун рули ўнг томонда ўрнатилган автомашиналардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ташишни амалга оширувчи транспорт воситалари иштирокида оғир оқибатларга олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва транспорт фаолиятини назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, 2023 йилда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари иштирокида 276 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 24 киши ҳалок бўлган, 619 киши жароҳатланган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчи ташишни амалга оширувчи автотранспорт воситалари иштирокида оғир оқибатларга олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, Қирғизистон Республикаси қонунчилигида республика ҳудудида белгиланган аҳоли яшаш пунктларида 60 км/соат дан ортиқ, аҳоли яшаш пунктларидан ташқарида 90 км/соат дан ошмайдиган мажбурий тезлик меъёрларига риоя қилиш мақсадида тезликни чекловчи мослама билан жиҳозланмаган автобусларнинг линияда ҳаракатланишига йўл қўймаслик таклиф этилади.
Муаллиф: Гулмира Абдрахманова