Қирғизистонда кремний ишлаб чиқарувчи завод давлат тасарруфига қайтарилди

BISHKEK. Kazinform - Кристалл яримўтказгичли материаллар (кремний) ишлаб чиқарувчи завод Қирғизистон тасарруфига қайтарилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Завод
Фото: ҚР Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот марказининг маълум қилишича, завод мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унга хорижий инвесторлар фаол қизиқиш билдирмоқда. Корхонада кремний ишлаб чиқарилади, ундан замонавий электротехника соҳасида, хусусан, интеграл микросхемалар, дискрет қурилмалар, қуёш батареялари ва бошқалар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

“Кристалл” ОАЖнинг активлари ва мол-мулкини ўзлаштириш бўйича илгари қўзғатилган жиноят иши доирасида марҳум криминал авторитет Қамчи Кўлбоевга (Асанбек) тегишли бўлган шахслар «Кристалл» ОАЖ ҳудудида «Компьютер Павер центр» МЧЖ майнинг фермаси ташкил этгани аниқланди. Компания 2019 йил май ойидан 2020 йил октябрь ойига қадар тегишли рухсатномаларсиз майнинг фермани техник жиҳозлаш билан шуғулланган. «Компьютер Павер центр»нинг ижрочи директори Тошкўмур шаҳрида туғилган О.М., амалдаги молия бошқарувчиси эса К.Кўлбоевнинг “тутинган ўғли” Т.А.К. Қайд этилишича, майнинг фермаси Қ.Кўлбоевнинг жиноий тузилмаларини молиялаштириш учун ишга туширилган.

Махсус хизмат маълумотларига кўра, “Кристалл” ОАЖ мулк мажмуаси банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ноқонуний равишда «Компьютер Павер центр» МЧЖ мулкига ўтган. Натижада, Тошкўмур туман судининг 2024 йил 10 январдаги қарори билан “Кристалл” ОАЖ давлат тасарруфига қайтарилди.

Муаллиф: Гулмира Абдраҳманова

Сўнгги хабарлар