Қирғизистонда иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосарлари сони икки баробарга қисқартирилди

Мутасадди
Фото: Kazinform

Қирғизистонда Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосарлари сони икки баробарга қисқартирилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Қирғизистон Вазирлар Кабинети раҳбари томонидан имзоланган буйруққа кўра, Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирининг 4 нафар ўринбосари лавозимидан озод этилди. Улар: Қанатбек Абдраҳманов, Қубаничбек Закенаев, Чингиз Макешов, Назарбек Малаев.
Қирғизистон Вазирлар Кабинети матбуот хизмати хабарига кўра, ҳукумат вазирлик ва ижро ҳокимиятининг 9 та давлат органида 14 та лавозим – маъмурий идоралар раҳбарлари ўринбосарларини қисқартирди. Хусусан, Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Таълим ва фан вазирлиги, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги, Рақамли ривожланиш вазирлиги, Вазирлар Кабинети ҳузуридаги Ижтимоий жамғарма.
Бундай қарор Қирғизистон Президентининг “Республика бюджети харажатларини оптималлаштириш, давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни ошириш тўғрисида”ги фармойиши доирасида қабул қилинди.
Бунгача Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазирлиги ҳамда Вазирлар Кабинети ҳузуридаги Интеллектуал мулк ва инновациялар давлат агентлигидаги ўринбосарлар сони қисқартирилган эди.

Сўнгги хабарлар
telegram