Қирғизистонда ҳукумат раҳбарини танқид қилган интернет нашри фаолияти тўхтатилди
Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Nazarnews.org сайтини икки ойга тўсиб қўйишга қарор қилди. Бундай қарор қабул қилинишига вазирлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотларнинг тарқатилиши сабаб бўлди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири маҳаллий ОАВга таяниб.
Nazarnews.org сайтида эълон қилинган материални таҳлил қилган агентлик вакиллари интернет майдони мониторинги чоғида ушбу мақола вазирлар кабинети раиси Ақилбек Жапаровнинг виждони ва ишчанлик обрўсига путур етказади, деган қарорга келди.
Қирғизистон Республикасининг “Тасдиқланмаган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунидан келиб чиқиб, вазирлик вакиллари интернет нашри вакилларини материални олиб ташлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди. Таҳририят вакиллари бу талабни бажармаган. Шу муносабат билан вазирлик вакиллари материални рақамли ривожланиш вазирлигининг алоқа соҳасини назорат қилиш ва тартибга солиш хизматига мажбуран олдириб ташлатиб, интернет нашри фаолиятини икки ой муддатга тўхтатиш тўғрисида қарор юборган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан Қирғизистонда “Тасдиқланмаган маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун мавжуд. Мазкур қонун қабул қилинганидан буён Respublika, “Озодлик” радиоси, Kloop.kg ва бошқалар каби қатор ахборот воситаларининг фаолияти тўхтатилди.
Муаллиф: Гулмира Абдрахманова