Қирғизистонда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишининг навбатдаги босқичи эълон қилинди
BISHKEK. Кazinform - Қирғизистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишнинг навбатдаги босқичини бошлади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Кыргыз темир жолу» МКнинг маълум қилишича, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишилган чора-тадбирлар режаси доирасида 17 март куни Жалолободда «Кыргыз темир жолу» компанияси бош директори Азамат Сакиев ва “Хитой темир йўллари” давлат корпорацияси директор ўринбосари Ван Тунцзен бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Хитой делегацияси қирғизистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиш лойиҳасининг аввал ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асослаш учун қўшимча маълумот тўплаш мақсадида темир йўл қурилиши объектлари билан танишди, режалаштирилган ва мавжуд темир йўл линияларини кўздан кечирди.
Учрашув якунлари бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш доирасида кейинги ишлар учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши Қирғизистоннинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради, шунингдек, мамлакатни Жануби-Шарқий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари билан боғлайди.