Қирғизистонда энди маълумотномалар қоғоз шаклида берилмайди

Мамлакатда рақамли тизим орқали давлат хизматларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тизими жорий этилмоқда, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

планшет
Фото: freepik

14 апрелдан Бишкек ва Ўш шаҳарларида, 1 майдан эса бутун республика бўйлаб «Түндүк» мобиль иловаси орқали мавжуд қоғоз маълумотномалар ва ҳужжатларни бериш бекор қилинди. Фуқаролар платформада барча керакли ҳужжатларни рақамли форматда олишлари мумкин бўлади.

50 ёшдан ошган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, чет эл фуқаролари ва чет элда жойлашган Қирғизистон Республикаси фуқаролари учун истиснолар назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 июндан бошлаб давлат ва муниципал ҳокимият органларига жисмоний ва юридик шахслардан давлат маълумотлар базаларида мавжуд бўлган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Керакли маълумотномалар «Түндүк» тизими орқали мустақил равишда сўралиши керак.

Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти таъкидлаганидек, мазкур чора замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда бюрократияга барҳам бериш ва давлат хизматларини олиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.

Аввалроқ Қирғизистонда кадрлар ҳужжатларини рақамлаштириш бошлангани хабар қилинганди.

Сўнгги хабарлар