Қирғизистон ёқилғи нархларини ушлаб туриш учун қарийб 1 млрд сом субсидия ажратди
ASTANA. Kazinform - Давлат мамлакатга ёқилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) етказиб беришни субсидиялашда давом этади, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Бишкекдаги мухбири.
Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирги кунга қадар Қирғизистонга нефть маҳсулотларини импорт қилувчи компанияларга ЁММнинг амалдаги қиймати билан чакана нархи ўртасидаги фарқни қоплаш учун 956 млн 139 минг сом ажратилган. Нефть маҳсулотининг турига қараб, ушбу фарқ бир литр учун тахминан 20 сомдан 40 сомгача бўляпти.
“Бензинни сотиш соҳасида субсидиялар ажратилиши аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали чорасидир. Мамлакатда ёқилғи-мойлаш материалларининг амалдаги қиймати ва чакана нархлари ўртасидаги фарқни субсидиялаш ишлари давом эттирилади”, — деди йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев.
Ҳукуматда таъкидланишича, давлат субсидиялари ўз вақтида ажратилаётгани сабабли ҳудудлардаги компанияларга қарашли барча ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ишлаши керак.
Йиғилиш якунлари бўйича масъул органларга қуйидаги вазифалар топширилди:
- мамлакатни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш;
- вазият мониторингини кучайтириш;
- нефть маҳсулотлари соҳасида фаолият юритувчи компаниялар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- импорт бўйича янги келишувлар тузиш;
- импортнинг янги механизмларини кўриб чиқиш;
- давлат чегарасидаги логистика масалаларини ҳал этиш;
- мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш;
- зарур чораларни ўз вақтида кўриш.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойининг охирида Қирғизистон ЁММ импорт қилувчилар учун вақтинчалик субсидияларни ҳамда ёқилғи нархларини давлат томонидан тартибга солиш тизимини расман жорий этган эди.