Қирғизистон Ўзбекистондан 100 та автобус харид қилади
BISHKEK. Kazinform - Қирғизистон Ўзбекистондан 100 дона Isuzu SAZ LE-60 йўловчи автобуси сотиб олади. Бу ҳақда Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси (ЎҚТЖ) матбуот хизмати маълум қилди.

13 март куни жамғарма офисида Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳокимлиги билан лизинг шартномаси имзоланди. Жамғарма Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) томонидан ишлаб чиқарилган паст полли йўловчи автобусларини харид қилишни молиялаштиради.
Мазкур автобуслар Ўш жамоат транспорти паркини кенгайтиради ва модернизацияни амалга оширишга хизмат қилади.
Ушбу шартнома тараққиёт жамғармаси учун иккинчиси бўлди. Дастлабки шартнома февраль ойи охирида ЎҚТЖ «Акун» ЁАЖ билан SamAuto компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 10 та ўртача юк кўтарувчи Isuzu юк автомашинасини лизингга олиш бўйича имзоланган.