Қирғизистон президенти Халқ қурултойи делегатларини байроқни ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди

Садыр Жапаров
Фото: пресс-служба Президента КР

Қирғизистон пойтахтида Садир Жапаров иштирокида икки кун давом этган иккинчи Халқ қурултойи якунланди. Давлат раҳбари ишларни сарҳисоб қилар экан, йиғилиш делегатларини байроқни ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Мамлакат президенти давлат байроғини ўзгартириш ташаббуси ўзига тегишли эканини айтди. Бу масалани кўриб чиқиш унинг ваколатига кирмагани учун у Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиевга мурожаат қилиб, байроқ муаллифлари билан ушбу масалани муҳокама қилишни сўради.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундай таклифга хорижлик делегациялар давлат рамзи тасвирини кунгабоқар билан солиштириб, нотўғри тушунганликлари сабаб бўлган.

Бундан ташқари, у катта харажатларни талаб қилмаслигини ва жиддий ўзгаришлар бўлмаслигини таъкидлади.

- Катта молиявий харажатлар талаб қилинмайди. Паспорт ва транспорт воситаларининг рақамларини ўзгартиришнинг ҳожати йўқ, улар амал қилиш муддати тугаши билан аста-секин алмаштирилади. Биринчи навбатда элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналарда, кейин вазирлик ва идораларда байроқлар алмаштирилади. Бу унчалик кўп пул талаб қилмайди. Парламент спикери фикрича, бу харажатлар ҳомийлар ҳисобидан қопланиши мумкин. Дастлабки харажатлар учун шахсий маблағларни ажратишга тайёрман. Бугун ушбу ташаббусни, айниқса, ёшларга мурожаат қилиб, қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Биз тўлиқ ўзгартиришни таклиф қилмаяпмиз, фақат байроғимизни яхшилашни хоҳлаймиз”, — деди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, 15-16 декабрь кунлари Бишкекда иккинчи Халқ қурултойи бўлиб ўтган ва унда 700 нафар делегат, жумладан, республиканинг барча вилоятларидан 640 нафар, этник гуруҳлар вакилларидан 30 нафар, хориждаги меҳнат муҳожирларидан 30 нафар делегат иштирок этган эди. Шунингдек, Жогорку Кенеш депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари иштирок этди.

Муаллиф: Гулмира Абдрахманова

Сўнгги хабарлар
telegram