Қирғизистон қурилиш материалларининг айрим турларига вақтинчалик тақиқ жорий қилди
ASTANA. Kazinform — Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакат ҳудудига қурилиш материалларининг айрим турларини олиб киришни вақтинча тақиқлади, деб хабар беради Кабар.
Тегишли қарорни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қасималиев имзолади. Вақтинчалик тақиқ олти ой муддатга жорий этилди.
Қарордан кўзланган мақсад — маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш, ички бозорни барқарорлаштириш, шунингдек, учинчи давлатлар томонидан юзага келаётган импорт рақобати шароитида Қирғизистоннинг иқтисодий ва миллий хавфсизлигини таъминлаш.
Қирғизистонга олиб кирилиши вақтинча тақиқланган қурилиш материаллари:
- Қурилиш блоклари ва ғиштлар — енгил бетон, цемент, бетон ёки сунъий тошдан тайёрланган блоклар ва ғиштлар;
- Тротуар ва қоплама плиткалари — пол, печь, камин ва деворлар учун мўлжалланган плиткалар;
- Керамик плиткалар — турли шаклдаги плиткалар, кубиклар ва шунга ўхшаш буюмлар;
- Шишанинг айрим турлари — қуйма, прокатланган, чўзилган ва пуфлаб тайёрланган шиша, шунингдек, термик ишлов берилган, силлиқланган ёки ялтироқ ҳолга келтирилган шиша;
- Электр кабеллари — алюминий ва мис ўтказгичларга эга кабеллар. Жумладан, АВВГ, АВВГнг, АВВГнг-LS, ВВГ, ВВГнг, ВВГнг-LS маркалари, кесими 1,5 дан 240 мм² гача бўлган ва 1 дан 5 тагача ўтказгичли кабеллар;
Ўзини ўзи ушлаб турувчи изоляцияланган симлар — СИП-1, СИП-2, СИП-3, СИП-4 ва СИП-5 маркалари, кесими 16 дан 150 мм² гача.