Қирғизистон иқтисодиёти етти ой ичида 11,1% га ўсди

ASTANА. Кazinform – Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) жорий йилнинг январь-июль ойларида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 триллион 172,7 миллиард сомни (тахминан 13,4 миллиард АҚШ доллари) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1% га юқори. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Қирғизистон иқтисодиёти етти ой ичида 11,1% га ўсди
Коллаж: e-cis.info

Қўмита маълумотларига кўра, хизмат кўрсатиш соҳаси, товар ишлаб чиқарувчи тармоқлар ва маҳсулотларга соф солиқлар иқтисодий ўсишга ҳисса қўшган.

ЯИМ таркибида хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 49,8% ни, товар ишлаб чиқарувчи тармоқларнинг улуши 34,2% ни ва маҳсулотларга соф солиқларнинг улуши 16% ни ташкил этди.

Ҳисобот даврида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 11,2% га ошди. Қурилиш соҳасидаги ўсиш 1,6 баравар, улгуржи ва чакана савдода еса 4% ни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик соҳасидаги кўрсаткич 6%га, меҳмонхона ва ресторан хизматлари ҳажми эса 9,3%га ошди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Қирғизистоннинг ташқи ва ўзаро савдо ҳажми 7,9 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4%га кўп.

Савдо ҳажмининг ўсишига импортнинг 3,7%га ўсиши таъсир кўрсатди. Экспорт эса, аксинча, 11,1%га камайди.

Мамлакатнинг умумий савдо айланмасида экспорт улуши 13,5%ни, импорт улуши эса 86,5%ни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 41,5 фоизга ошди.