Қирғизистон ИИВ қозоғистонлик ҳамкасбларига 50 тонна гуманитар ёрдам жўнатди

ASTANА. Кazinform - Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳалокатли сув тошқинлари билан курашаётган Қозоғистон Республикасига 50 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Гуманитар ёрдам
Фото: Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қозоғистонлик полициячиларга юборилган инсонпарварлик юки зарур буюмлар, дори-дармон, резина этиклар, дизель ва электр генераторлари, пуфланадиган қайиқлар, чодирлар, матрацлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшаклардан иборат.

- Ушбу ташаббус инқироз даврида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг бир қисми эди. Қозоғистон билан ҳамкорлигимиз тарихи давом этмоқда ва бундай дамларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш муҳим. Умид қиламизки, ушбу инсонпарварлик ёрдами табиий офатлар оқибатлари билан курашаётганларга енгиллик олиб келади ва жабрланган ҳудудларни тиклашга ёрдам беради, — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрель куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг фармойиши билан Қирғизистон Қозоғистоннинг сув тошқинларидан жабр кўрган ҳудудларига 300 тонна гуманитар юк ортилган 15 та юк машинасини жўнатган эди. 14 апрель куни Қирғизистонда ишлаб чиқарилган 150 тонна сут маҳсулотларидан иборат “Ёрдам карвони” инсонпарварлик юкининг иккинчи партияси жўнатилди.

Сўнгги хабарлар