Қирғизистон фарзандини ва кекса ота-онасини боқишни истамаганларга кўча супуртириб, қамоққа юборади
Аввалроқ Қирғизистон депутати Тазабек Икрамов ташаббуси билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ота-онасини боқишдан қочганлик ва уларни қариялар уйида қолдирганлик учун 100 минг сўмгача жарима ёки бир йилдан икки йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган эди.
“Кўплаб таклифлар келиб тушганлиги сабабли уларни зудлик билан инобатга олишга қарор қилинди, шунинг учун янги, ўзгартирилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди”, – деб тушунтирди Жогорку Кенеш.
Эндиликда болаларнинг нафақат кекса ота-оналари олдидаги, балки вояга етмаган ёки ногирон бўлиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган катталар олдидаги масъулияти ҳам кўриб чиқилади.
“Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 178, 179-моддаларида жарима тўғрисидаги нормалар таклиф қилинган. Шу билан бирга, қонунчиликда алиментларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашни тартибга солувчи нормалар мавжуд эмас, шу сабабли жавобгарликни кучайтириш мақсадида кодексга ўзгартиришлар киритиш тавсия этилади”, – дейилади маълумотномада.
Қонун лойиҳасига кўра, агар ота-она алиментни бир неча бор тўламаса, у 40 соатдан 100 соатгача жамоат ишлари ёки 9 ойгача қамоқ жазосига тортилади.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар алимент тўламаса, уларга 500 дан 1000 гача ойлик ҳисоб кўрсатгичида (50-100 минг сўм) жарима солинади ёки тўққиз ойгача қамоқ жазоси тайинланади.
Худди шундай қилмиш бир неча марта содир этилган бўлса, — махсус, ҳарбий, фахрий унвондан маҳрум қилиб, ойига 800 дан 1200 гача ойлик ҳисоб кўрсатгичида (80 дан 120 минг сўмгача) жарима ёки бир йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.