Кевин Спейси юрак хуружи гумони билан Тошкентдаги касалхонага ётқизилган

64 ёшли актёр Кевин Спейси Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистонга учиб келди. “Карталар уйи” ва “Америка гўзаллиги” фильмлари юлдузи юрак хуружи гумони билан Тошкентдаги тиббиёт муассасасига етказилди. Самарқанддаги қадимий Афросиёб манзилгоҳи яқинидаги музейдаги фрескаларни томоша қилиб, актёр ўзини ёмон ҳис қилди.
Қайд этилишича, актёрнинг чап қўли бир неча сония давомида бутунлай ҳаракатсиз қолган. Тошкентда актёр МРТ текширувидан ўтди, бироқ шубҳалар тасдиқланмади.
Кейинроқ у саҳнага чиқди ва томошабинларга яхши эканини айтди.
“Бу воқеа ҳар биримиз учун ҳаёт нақадар азиз экани ҳақида ўйлашга мажбур қилди”, - деди актёр.
Кевин Спейси 29 сентябрдан 3 октабргача бўлиб ўтган XV Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Кевин Спейси — америкалик театр ва кино актёри, режиссёр, сценарийнавис ва продюсер. У кўплаб фильмлар ва телесериалларда рол ўйнаган. "Оддий гумонланувчилар", "Америка гўзаллиги" фильмлари, "Карталар уйи" сериали учун “Оскар” (1996, 2000), BAFTA (2000), “Олтин глобус” (2015), “Тони” (1991) ва “Грэмми” (2006) каби кўплаб мукофотлар лауреати.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков