Кенесари хоннинг Қуръони Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармасига топширилди

Давлат раҳбари Туркистонда бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг иккинчи мажлисида машҳур Марал эшон томонидан Кенесари хонга совға қилинган Қуръон китоби топилиб, мамлакатга қайтарилганини маълум қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида Кенесари хон Қуръони Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармасига топширилишини таъкидлади.
Бугун Президентнинг бевосита топшириғига кўра, Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Муфтиятга бориб, Кенесари хоннинг Қуръонини топширди.
Давлат маслаҳатчиси мамлакат ва хорижлик юқори малакали ва тажрибали мутахассислар Қуръонни тўлиқ ўрганиб, унинг Кенесари хонга тегишли эканлигини бир овоздан аниқлаганини айтди. Шу билан бирга, Қуръони каримнинг ҳар томонлама тавсифини бериб, унинг хусусиятларини кўрсатиб берди.
Олимлар Қуръоннинг ушбу нусхаси қозоқ халқининг тарихий ёдгорлиги эканлигини тасдиқлаб, унинг тарихий ва музей қийматини жуда юқори деб баҳоламоқда.
Маросимда жамоат арбоблари, зиёлилар, Миллий қурултой депутатлари, дин арбоблари иштирок этди.