Келгуси йилларда Қозоғистонда товар экспорти қанчалик ошади
ASTANA. Kazinform — Келгуси йилларда Қозоғистонда ижобий савдо баланси сақланиб қолади. Бу ҳақда Қурултойда 2027-2029 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозини тақдим этиш чоғида Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Амрин маълум қилди.
“Прогнозларга кўра, товарлар экспорти 2027 йилдаги 82,8 млрд АҚШ доллардан 2029 йилда 88,5 млрд АҚШ долларгача, импорт эса 80,5 млрд доллардан 88,4 млрд долларгача ошади. Инфляциянинг прогноз кўрсаткичи 2027 йилда 7,5-9,5 фоиз, 2028-2029 йилларда эса 6-8 фоиз даражасида белгиланган”, — деди А. Амрин.
Шунингдек, у макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида 2027-2029 йилларга мўлжалланган бюджет ва Миллий фонд параметрлари прогнози шакллантирилганини айтди. Бюджет прогнозлари 2030 йилгача давлат молиясини бошқариш концепциясида белгиланган бюджет тамойиллари ва мақсадли кўрсаткичларга асосланган.
“Республика бюджети даромадлари прогнозини ҳисоблашда ўтган йилдаги амалдаги ижро натижалари ҳамда жорий йилнинг 7 ойи якунлари бўйича баҳолаш базавий кўрсаткич сифатида олинди. 2027 йилда даромадлар 19,9 трлн тенге ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу жорий йилдаги баҳога нисбатан 2,8 трлн тенгега кўп.
Даромадларнинг асосий ўсиши қуйидаги омиллар ҳисобига прогноз қилинган: иқтисодиётнинг ўсиши — тахминан 1,6 трлн тенге, қўшилган қиймат солиғини қайтариш суммаларининг камайиши — 1,1 трлн тенге, шунингдек, бошқа омиллар — 0,5 трлн тенге миқдорида бўлади”, — деди Амрин.