Келгуси йили Қозоғистонда ижтимоий соҳага 8 триллион тенге ажратилади

«Бюджет харажатлари таркибига назар ташлайдиган бўлсак, унинг асосий улуши ижтимоий соҳага тўғри келади. 2023 йилда ижтимоий соҳага 8 триллион тенге миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган. Ҳаражатлар пенсия ва нафақалар тўлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш, ёшларни рағбатлантиришга йўналтирилади», - деди Ерулан Жамаубаев.
Вазирнинг сўзларига кўра, иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 2023 йилда 2,1 триллион тенге йўналтирилади.
«Мазкур йўналишнинг устувор йўналишлари – қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш; тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, транспорт ва газ транспорти тизимини ривожлантириш», – деди Молия вазири.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон Республикаси Молия вазири Ерулан Жамаубаев «2023-2025 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Қонун лойиҳаси мамлакатни 2027 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози асосида ишлаб чиқилган.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи