Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6 фоизни ташкил этади - вазирлик
ASTANA. Kazinform – 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,6 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Парламентда Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Азамат Амрин маълум қилди.
“Этиборинларингизга 2025-2029 йилларга мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози ҳамда “Қозоғистон Республикаси Миллий жамғармасидан 2025-2027 йилларга мўлжалланган кафолатланган трансферт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилади. Прогнозни шакллантиришнинг асоси нефть нархи бир баррел учун 75 АҚШ доллари ва долларнинг ҳисобланган курси 470 тенге бўлган базавий сценарий эди. Прогнозга кўра, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,6 фоизни, ялпи ички маҳсулотнинг 5 йил давомида ўртача йиллик ўсиши эса 5,4 фоизни ташкил этади. Номинал ялпи ички маҳсулот 2025 йилдаги 150,8 триллион тенгедан 2029 йилда 234,2 триллион тенгегача ошади”, — деди вазир ўринбосари.
У иқтисодиётнинг барча соҳаларида ўсиш кутилаётганини таъкидлади.
Масалан, саноатда ўртача йиллик ўсиш суръати 4,1 фоиз, жумладан, ишлаб чиқариш саноатида 5,8 фоиз, тоғ-кон саноатида 2,9 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик ўсиш 5,3 фоиз, қурилишда 9,3 фоиз, транспорт хизматларида 8,2 фоиз, савдода 7,1 фоизни ташкил этади.
“Нефть қазиб олиш ҳажми 2025 йилдаги 97,2 миллион тоннадан 2029 йилда 104,8 миллион тоннагача ошади. Товар экспорти 2025 йилдаги 82,3 миллиард доллардан 2029 йилда 90,0 миллиард долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Импорт 61,3 миллиард доллардан 67,5 миллиард долларгача ошади. Инфляция даражаси 2025 йилда 5,5-7,5 фоиз, 2026 йилда 5-6 фоиз оралиғида белгиланди, кейин эса 2027-2029 йилларда 5 фоизга тушиши кутилмоқда”, — деди Азамат Амрин.