Келаси йили Ўзбекистон ТДТга аъзо давлатлар билан биргаликда коинотга сунъий йўлдош учиради
TASHKENT. Kazinform - Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ўзбеккосмос”нинг Аэрокосмик хизматлар ва космик мониторинг тизимларини ривожлантириш бўлими раҳбари Муҳиддин Иброҳимов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

“Бугунги кунда Ўзбекистон 600 мингдан 1 миллион квадрат километргача бўлган майдонни сунъий йўлдошдан олинган суратларни мустақил равишда қайта ишлай олади. Энди биз Ерни масофадан туриб зондлаш учун фойдаланиладиган сунъий йўлдошларни учиришни режалаштирмоқдамиз. Бу борада тегишли таклифлар ишлаб чиқяпмиз ва бир қанча давлатлар билан музокараларни бошладик”, – деди Муҳиддин Иброҳимов.
Шунингдек, маърузачи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликда тадқиқот лойиҳаси амалга оширилганини таъкидлади. Муҳиддин Иброҳимовнинг айтишича, айни пайтда илмий тадқиқотлар учун сунъий йўлдош қурилмоқда. Сунъий йўлдошни яратишда “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари ҳам иштирок этади.
“Адашмасам, бу сунъий йўлдошни коинотга 2026 йилда олиб чиқиш режалаштирилган. Таъкидлаб ўтмоқчиманки, ушбу сунъий йўлдош Ўзбекистоннинг маҳаллий маҳсулоти эмас, мутахассисларимиз фақат баъзи йиғиш ишларида қатнашади”, — дея хулоса қилди М.Ибрагимов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон космосни тадқиқ қилишга қаратилган халқаро шартномага қўшилган эди.
Аввал хабар қилинганидек, Қозоғистон ва Ўзбекистон космик соҳада шерикликни мустаҳкамлаш ниятида.