Қасим-Жомарт Тоқаев ёшларга мурожаат қилди
Ёшлар ватанпарвар, билимли, меҳнатсевар, тежамкор, адолатли ва меҳр-оқибатли бўлиши керак. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Республика байрами муносабати билан бир қатор фуқароларга давлат мукофотлари ва совғаларини топшириш маросимида таъкидлади, деб хабар беради Kazinform.
“Қозоғистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан сўнг жамоатчилик онгини тубдан ўзгартириш керак. Мен Туркистонда бўлиб ўтган Қурилтойда сўзлаган нутқимда янги жамоат одоб-ахлоқи ҳақида гапирдим. Коллегиал йиғилишдан сўнг Қурилтойнинг айрим аъзолари менга ўз таклифларини юборишди. Улар мамлакатда қадриятлар тизимини шакллантириш зарурлигига эътибор беришади. Аслида, бу жуда муҳим ташаббус, деб ҳисоблайман. Биз буни батафсил муҳокама қилишимиз ва кўриб чиқишимиз керак. Мен аввал ҳам ҳалол фуқаро тушунчасини таклиф қилганман. Шу муносабат билан ёшларимизга алоҳида мурожаат йўлламоқчиман. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус, аввало, сизга бағишланган. Ҳозирги ислоҳотлардан баҳраманд бўлиб, юрт ишларини давом эттирадиганлар – сизлар”, – деди Президент.
Давлат раҳбари бугунги ёшларни Қозоғистоннинг юзи дейиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
“Аслида ҳар қандай давлатга унинг аҳолисига қараб баҳо берилади. Яъни қандай давлат бўлишимиз ёш авлодга боғлиқ. Шундай экан, ёшларимиз ватанпарвар, билимли, меҳнатсевар, тежамкор, адолатли, меҳр-оқибатли бўлиши керак. Ёшлар спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишлари керак. Мен буни ҳар доим айтаман. Бу қадриятларни имкон қадар тарғиб қилиш ва тарқатиш керак. Шунда шахс сифати бутун халқ сифатига айланади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент таъкидлаганидек, ёшлар ҳар қандай ўзгаришларга мойил.
"Ёшлар ҳамма нарсани тезда ўзлаштиради. Мен сизларни яхшидан ўрганишга ва ёмондан жирканишга таклиф қиламан. Улуғ Абай айтган беш нарсадан узоқроқ туринг, беш нарсага шошилинг. Сиз улуғлаган қадриятлар тезда жамиятда ўрнатилади. Сиз қўллаб-қувватлаган ўзгаришлар тезда амалга оширилади. Ҳаммамизнинг ниятимиз бир, бу жамиятимизда оммавий адолат қарор топиши. Шундай экан, келинг мақсадимизга биргаликда эришайлик. Ёш авлоднинг ижодий кучига ишонаман. Сиздек зукко ўғил-қизлари бор Қозоғистон, албатта, цивилизация йўлининг бошида бўлади”, – деди Давлат раҳбари.