Қасим-Жомарт Тоқаев Владимир Путин билан учрашди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Владимир Путин билан учрашди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Давлат раҳбари Россия Президентига Қозон шаҳрида илк бор ўтказиладиган “Келажак ўйинлари” халқаро турнирининг очилиш маросимига таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди ва бу ноёб ҳодиса эканлигини таъкидлади.
“Дарҳақиқат, “Келажак ўйинлари” IT-интеллект ва спортни ўзида мужассам этган ноёб форматдир. Бу ерга кучли жамоани олиб келдик. Умид қиламизки, улар яхши натижаларни кўрсатади. Умуман олганда, Қозоғистонда IT соҳаси ривожланмоқда. Бизнинг ўз ўйинларимиз бор. Биз халқаро миқёсда мусобақалар ўтказамиз. Россия Федерацияси томонидан ўз вақтида кўтарилган ушбу ташаббусни давом эттириш мақсадида навбатдаги “Келажак ўйинлари”ни мамлакатимизда ташкил этишни таклиф қиламан”, – деди ҚР Президенти.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётганини таъкидлади.
“Бу бизнинг янги йилдаги биринчи учрашувимиз, Владимир Владимирович. Биз ҳаммамиз 17 март куни Россияда президентлик сайловини кутмоқдамиз. Якуний натижа яхши бўлишига шубҳа қилмаймиз. Чунки Россия сизнинг нуфузли раҳбарлигингиз остида ажойиб муваффақиятларга эришмоқда. Дарҳақиқат, сиз ўз баёнотларингиз ва ҳаракатларингиз билан глобал кун тартибини шакллантирасиз. Бу, шубҳасиз, ҳамкорлигимизга, ўтган йилнинг ноябрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифингиз чоғида эришилган келишувлар ижросига ижобий таъсир кўрсатади. Назаримда, ҳар икки томон ҳам, икки давлат ҳукуматлари ҳам ушбу келишувларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Аниқ натижалар бор”, – деди Қозоғистон Президенти.

Бунгача Давлат раҳбари Қозонга хизмат сафари билан кетгани ҳақида ёзган эдик.