Қасим-Жомарт Тоқаев Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашди

ҚР Президенти
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасидаги икки томонлама музокаралар дастури Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашувдан бошланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Давлат раҳбари қардош халқлар ўртасида тарихий-маданий алоқаларга асосланган стратегик шериклик ўрнатилганини таъкидлади.

Президент Венгриянинг Туркий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги фаол позицияси ва салмоқли ҳиссасини юқори баҳолади.

Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йил ноябрда Қозоғистонда Туркий давлатлар ташкилотининг 10-юбилей саммити бўлиб ўтишини ва бу йиғилишда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этиши режалаштирилаётганини айтди.

“Мамлакатимиз Венгрия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидламоқчиман. Мамлакатларимиз ўртасида жуда ишончли, анъанавий муносабатлар ўрнатилган. Биз икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолаймиз. Фурсатдан фойдаланиб, сизни Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қиламан. Шу билан бирга, Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Бош вазир Виктор Орбан билан учрашишга умид қиламан”, – деди ҚР Президенти.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Астана кўчаларидан бирига Венгрия халқ шоири Шандор Петефи номи берилишини айтди.

Президентлар давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, ҳамкорликнинг икки томонлама механизмларини фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Томонлар халқаро муаммолар, жумладан, глобал барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича кўп томонлама институтлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашдилар.

Сўнгги хабарлар