Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўмон Султони кичик таркибда музокаралар ўтказди
ASTANА. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид кичик таркибда музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Президент мартабали меҳмонга миннатдорчилик билдириб, Ўмон Султонининг Қозоғистонга биринчи ташрифи муҳим воқеа эканлигини таъкидлади.
– Султон жаноби олийлари, мамлакатимизга биринчи марта давлат ташрифи билан келган Сизни қутлаш мен учун катта шараф. Ишончим комилки, бу алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Чунки бу мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни жонлантиради ва уни янги босқичга кўтаради. Юқорида таъкидлаганимдек, ўзаро ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжуд. Буни тўлиқ англаш зарур, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари мамлакатлар ишончли шерикларга айланишини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни қилишини айтди.
– Қозоғистонликлар сизнинг мамлакатингизга алоҳида ҳурмат билан қарайдилар. Кўплаб фуқароларимиз Ўмонга саёҳат қилишган. Бироқ, Маскат ва Ўмоннинг бошқа шаҳарларини кўрмаган ватандошлар ҳам бор. Агар мамлакатларимиз ўртасида қўшимча тўғридан-тўғри тижорат рейслари очилса, ҳамкорлик, шубҳасиз, янада жонланади. Сизнинг ташрифингиз давомида Донга нефть кони бўйича муҳим келишув имзоланганидан хабардорман. Бу, шунингдек, икки томон ҳам ўзаро муносабатларни ривожлантиришга қизиқиш билдираётгани ва тайёр эканлигидан далолат беради. Мен буни бизнинг умумий ютуғимиз деб биламан, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Мустақиллик саройида Ўмон Султонини кутиб олди.