Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эммануэль Макрон кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эммануэль Макрон икки давлат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, дея хабар беради Каzinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эммануэль Макрон кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Франция Президентининг Астанага илк ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаши, кўп томонлама ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш имконини беришини таъкидлади.

“Франция Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ва ишончли ҳамкоридир. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, 4 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг саккиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ўсди, яъни 2,7 миллиард долларни ташкил этди”, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Франция аввалроқ мамлакат иқтисодиётига қарийб 18,7 миллиард доллар сармоя киритган. Энергетика, қурилиш, аэрокосмик, фармацевтика, тоғ-кон-кимё саноати, машинасозлик каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев Эммануэль Макроннинг ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, Қозоғистон икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар чоғида томонлар яшил энергия, логистика, транзит, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш ва таълим соҳаларида истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.

Давлат раҳбари маданий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, Қозоғистонда француз маданияти ва тилини кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Эммануэль Макрон икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги битим қабул қилинганига 15 йил тўлганлигини таъкидлади ва Франция ўзаро манфаатли бўлган турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятида эканлигини тасдиқлади.

“Ўйлайманки, икки томонлама иқтисодий алоқалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қайта тикланадиган энергия соҳаларидаги алоқалар келгусида янги суръат билан ривожланади. Биз мавжуд лойиҳаларга ҳам, янги ташаббусларга ҳам сармоя киритишни қўллаб-қувватлаймиз. Бугун биз жуда муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Таълим ва фан соҳаларида аниқ келишув мавжуд. Қозоқ-француз университети 2024 йил сентябридан ўз фаолиятини бошлайди”, – деди Франция Президенти.

Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари минтақавий ва глобал кун тартибининг асосий масалалари бўйича барқарор муносабатлар муҳимлигига эътибор қаратдилар ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги мулоқотни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Сўнгги хабарлар