Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Миллий Мажлиси раисини қабул қилди
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Туркия Миллий Мажлиси раиси Нўъмон Куртулмушни қабул қилди, дея хабар беради Каzinform.

Учрашувда Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президент парламент дипломатияси салоҳиятини юқори баҳолаб, Туркия Миллий Мажлиси раисининг Қозоғистонга ташрифи муҳим воқеа эканини таъкидлади.
- Бугунги учрашув Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтмоқда ва рамзий аҳамиятга эга. Яқинда ҳамкасбим Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали суҳбатлашдик. Биз доимий алоқадамиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот жуда самарали ривожланмоқда. Туркия Қозоғистоннинг бешта йирик савдо ҳамкорларидан ва ўнта йирик инвесторларидан биридир. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етди. Аммо биз бу жойда тўхтаб қололмаймиз. Муносабатларимиз салоҳияти жуда катта. Ишончим комилки, келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етади, – деди Президент.
Нўъмон Куртулмуш Туркия делегациясига қардош қозоқ заминида кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди.
– Қозоғистон – ота маконимиз, туркий халқларга умумий бўлган маънавият сиймоси Хожа Аҳмад Яссавийнинг ватани ҳисобланади. Туркистон шаҳрига саёҳат қиламиз, муқаддас қадамжоларни зиёрат қиламиз ва Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро университетида анжуман ўтказамиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Қозоғистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Мамлакатингизда муваффақиятли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси Қозоғистоннинг гуллаб-яшнашига ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман. Ишончим комилки, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик келажакда янада мустаҳкамланади. Икки давлат савдо, технология, саноат, логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта салоҳиятга эга, - деди Туркия Миллий Мажлиси раиси.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Нўъмон Куртулмуш икки давлатнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган қардош давлатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Туркия раҳбарияти билан кейинги давр учун режалаштирилган олий даражадаги учрашувлар ишлаб чиқилди.
Давлат раҳбари жорий йилнинг сентябрь ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган V Жаҳон кўчманчилар ўйинларида Туркия спортчилари ва делегацияси фаол иштирок этишига ишонч билдирди.