Қасим-Жомарт Тоқаев оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтириш бўйича топшириқ берди

ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназаровани қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев вазирликнинг фаолияти ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш режалари тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.

Президентга маълум қилиндики, бугунги кунда ўртача умр кўриш 75 ёшдан ошади. Йил бошидан буён инфекцияларнинг 21 тури бўйича, жумладан, коронавирус билан касалланиш даражаси пасайди. Эмлаш ва профилактика ишлари давом этмоқда.

Ақмарал Алназарова Давлат раҳбари топшириқларини бажариш борасида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Тиббий хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш қулайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бирламчи ва стационар тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда, диагностика ва даволаш стандартлари янгиланмоқда, соҳанинг кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш тизимининг самарадорлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда. Шунингдек, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизими устидан назоратни такомиллаштириш мақсадида замонавий рақамли технологиялар ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда.

Президентга 2025-2030 йилларда соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, янги тиббиёт муассасаларини қуриш ва тиббий хизмат сифатини янада ошириш бўйича стратегик режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қабул қилинган Концепция доирасида соғлиқни сақлаш ташкилотларининг оптимал ва самарали тармоғини шакллантиришга қаратилган 34 та асосий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Учрашув якунида Давлат раҳбари оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтириш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Президент соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан қайта қуриш, беморга йўналтирилган тиббий ёрдамга алоҳида эътибор қаратиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, ажратилаётган маблағларнинг, жумладан, дори воситалари билан таъминланишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Сўнгги хабарлар