Қасим-Жомарт Тоқаев “Олтин Ўрда” гуруч заводига ташриф буюрди

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қизилўрда вилоятига амалий ташрифи чоғида “Олтин Ўрда” гуруч заводи фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Президент
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Корхона директори Сағидулла Сиздиқовнинг айтишича, корхонада йилига 30 минг тонна оқартирилган гуруч ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг асосий қисми ички бозор билан бир қаторда қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Президентга Қизилўрда вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари таништирилди. Кўргазмада гуруч етиштирувчи йирик корхоналар маҳсулотлари, шунингдек, гўшт, сут, қандолат ва балиқ маҳсулотлари, сабзавот ва мевалар намойиш этилмоқда.

Давлат раҳбари Сирдарё бўйидаги фермер ва деҳқонларга муваффақиятлар тилади. Шунингдек, гуруч етиштириш билан чекланиб қолмасдан, агросаноат тармоғини диверсификация қилиш, айниқса, сувни кам талаб қиладиган экинлар етиштириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Шу билан бирга, Президент экспорт салоҳияти юқори бўлган анъанавий шоличиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Айни пайтда, Ибирай Жақаев номидаги Қозоғистон шоличилик илмий-тадқиқот институтида украиналик мутахассислар билан ҳамкорликда шолининг бошқа навларини ҳам маҳаллийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу саноат мажмуаси ҳудудида ўтган йили ишга туширилган «Ассоль» туз ишлаб чиқариш заводига ҳам ташриф буюрди. Орол тузидан фойдаланиш ва ош тузи ишлаб чиқариш корхонасида 130 киши иш билан таъминланган. Маҳсулот қўшни Россия, Латвия, Литва, Эстония, Беларусга экспорт қилинади.

Сўнгги хабарлар