Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат халқини Абай куни билан табриклади
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқини Абай куни билан табриклади.
Президент ўзининг табрикномасида буюк мутафаккирнинг ижодий ва интеллектуал мероси жаҳон ва миллий маданиятнинг бебаҳо хазинасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.
— Абай таълимоти бизнинг маънавий маёғимиз, йўлчи юлдузимихздир. Шоир жамоатчиликни ташвишга солаётган долзарб масалалар ҳақида очиқчасига гапирди ва халқимизни бефарқлик ва дангасаликдан қочишга чақирди. Ҳакимнинг "Тўлиқ одам" ғояси ҳар бир фуқарони маънавий ривожланишга ундайдиган ва ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайдиган чуқур тушунчадир, — деди Тоқаев.
Давлат раҳбари бу йилги Абай куни мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар билан бир вақтга тўғри келишини таъкидлади.
— Қозоғистон Халқ Конституцияси кучга кирди ва барча ҳокимият институтларини тубдан модернизация қилиш жараёни бошланди. Бу, албатта, бизнинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишимизни белгилайдиган махсус давр. Тез орада мамлакат тарихидаги биринчи Қурултой сайлови бўлиб ўтади. Бир палатали Парламент, шубҳасиз, ислоҳотларни сифатли ва самарали амалга оширишга янги туртки беради, — деди у.
Тоқаевнинг сўзларига кўра, давом этаётган ўзгаришларнинг асосий маъноси фуқаролар онгига ижодий қадриятларни сингдириш ва Қозоғистоннинг янги суръатларда ривожланиши учун йўл очишдир.
— Биз жамиятда янги ахлоқни шакллантириш, миллий ўзига хосликни мустаҳкамлаш ва гуманистик идеалларни тарғиб қилиш жараёнида доимо Абайга мурожаат қиламиз. Буюк шоир бизга таълим, меҳнатсеварлик ва масъулият каби фазилатлар халқ келажаги учун жуда муҳимлигини тушунтирди ва у узоқни кўра билган ҳолда одамларни бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга чақирди, — деди Давлат раҳбари.
Президент Абай шеърларининг таълимоти замонавий Қозоғистон қадриятларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.
— “Ҳалол фуқаро”, “Тоза Қозоғистон”, “Қонун ва Интизом” каби асосий ғоялар Абай орзу қилган фаровон жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шунинг учун биз адолатли, прогрессив ва кучли Қозоғистонни қурмоқдамиз, — деди у.
Давлат раҳбари буюк мутафаккирнинг бой мероси келажакда ҳам ўсиб келаётган авлодни чинакам ватанпарварлик ва она юртга муҳаббат руҳида тарбиялашда маънавий озуқа манбаи бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Сингапур Президентига табрик телеграммасини йўллади.