Қасим-Жомарт Тоқаев: Қозоғистон санкциялар бўйича қарама-қаршиликни салбий натижа деб ҳисоблайди

Қасим-Жомарт Тоқаев: Қозоғистон санкциялар бўйича қарама-қаршиликни салбий натижа деб ҳисоблайди
Фото: akorda.kz

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Германияга расмий ташрифи чоғида Kazinform агентлигининг Берлиндаги мухбирига ҳозирги сиёсий вазият юзасидан эксклюзив фикр билдирди.

– Германияга расмий ташрифингиз чоғида Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари ва сиёсий арбоблари баёнотларингизни танқид қилишди. Уларнинг айтишича, Қозоғистон Россия билан ҳамкорликдан узоқлашиб, Ғарб билан яқин алоқа ўрнатмоқда. Бундай айбловга нима дейсиз?

– Қозоғистон “антироссия” эмас, биз дунёдаги энг узун чегарага эга Россия билан ҳар томонлама ҳамкорлик йўналишига қатъий амал қиламиз. Ўша матбуот анжуманида таъкидлаганимдек, турли соҳаларда, жумладан, савдо-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш анъаналарига эгамиз. Санкцияларга келсак, БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида ва бошқа чиқишларимда санкция қарама-қаршилиги глобал инқирознинг кучайиши шароитида бузилиб кетган халқаро муносабатларни яхшилаш нуқтаи назаридан мутлақо тескари эканлигини таъкидладим.

Қозоғистонда санкцияларга киритилган товарлар йўқ. Қозоғистон Россияга параллель импорт деб аталмиш импортда иштирок этмайди. Анъанавий товарлар савдосига келсак, у ўсди ва ўтган йили Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 миллиард долларга етди.

Яқинда Астана шаҳрида “Иннопром” кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди. Унга Россия Бош вазири Михаил Мишустин бошчилигидаги делегация келди. Шу билан бирга, Қозоғистон санкция чекловларини ҳисобга олишга мажбур ва бу борада тегишли халқаро ташкилотлар билан алоқада.

Мен ушбу фурсатдан фойдаланиб, дипломатларнинг диққатини Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари учун ўзаро мақбул асос топишга қаратмоқчиман. Бу жуда муҳим. Чунки дунё кўпчилик инсоният учун ҳалокатли тўқнашувнинг чўққисига яқинлашмоқда.

Сўнгги хабарлар