Қасим-Жомарт Тоқаев: Қозоғистон Пуэнт-Нуар порти салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Пуэнт-Нуар порти салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Конго Республикаси Президенти Дени Сассо-Нгессо билан Ақордада бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

“Биз қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва энергетика соҳалари бўйича музокаралар олиб бордик. Шунингдек, янги технологиялар, ер ости бойликларини биргаликда ишлатиш, сармоя киритиш масалаларини муҳокама қилдик. Мен Қозоғистоннинг электрон ҳукумат, киберхавфсизлик ва коинот соҳасидаги ютуқларига эътибор қаратдим. Икки давлат ҳукуматларига ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ беришга келишиб олдик. Биз Қозоғистоннинг Конгога дон экспорти бўйича катта салоҳиятига эътибор қаратдик. Маълумки, ҳар икки давлат ҳам жуда кўп табиий ресурсларга эга”, – деди Давлат раҳбари.

Президент таъкидлаганидек, икки давлат темир, фосфат, боксит ва бошқа нодир фойдали қазилма конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятига эга.

“Музокаралар чоғида мен қозоғистонлик ишбилармонлар Конгонинг тоғ-кон саноатини ўрганишга тайёр эканини таъкидладим. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги муносабатлар атрофлича муҳокама қилинди. Конго Республикаси Марказий Африка минтақасига кириш эшиги, Пуэнт-Нуар порти эса бу шлюзнинг калитидир. Бу денгиз портининг имкониятлари жуда юқори. Қозоғистон ушбу порт салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларимизни амалга оширишимиз керак. Шу боис келаси йили Конго Республикаси раҳбарияти ва ишбилармонларини Астана халқаро форумига таклиф қилдим. Улар форум давомида Қозоғистоннинг иқтисодий салоҳияти билан танишишлари мумкин”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар