Қасим-Жомарт Тоқаев Қостанайдаги далаларга ташриф буюрди
QOSTANAY. Kazinform – Давлат раҳбари Қостанай тумани Майкўл қишлоқ округидаги «Надеждинка» масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан учрашди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга вилоят ҳокими вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди.
Қумар Ақсақаловнинг айтишича, жорий йилда фермерлар 5 миллион гектар майдонга экин экишган. Машина-трактор паркини янгилаш ҳисобидан элита уруғлик улушини ва минерал ўғитлар экиш миқдорини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш кўзда тутилган.
Давлат раҳбарига вилоятда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш борасида ҳам маълумот берилди.
Жумладан, яқин уч йилда 14 та товар-сут фермасига инвестиция киритилади. 44 чорвачилик мажмуаси, иккита йирик паррандачилик фабрикаси қурилади.
Ушбу лойиҳалар ҳисобига вилоятда сут ва гўшт етиштириш ҳажми 1,4 баробар, парранда гўшти етиштириш эса 5 баробар кўпаяди.
Бундан ташқари, қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида уч йил мобайнида чуқур қайта ишланган маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Президент “Надеждинка” масъулияти чекланган жамияти далаларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ходимлари билан суҳбатлашди.
Давлат раҳбари ғалла ҳосилини ўз вақтида йиғиб олиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, аграр соҳага янги технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев давлат маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлаш ва муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришда давом этишини таъкидлади.