Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга газни қайта ишлаш корхоналари қурилишини тезлаштириш бўйича топшириқ берди
ASTANA. Kazinform - Иссиқлик электр марказлари ва оддий истеъмолчиларни кўмир ўрнига газ ёқишга ўтказиш ишларини жиддий йўлга қўйиш зарур. Бу ҳақда Парламент палаталарининг қўшма мажлисида Қозоғистон халқига Мурожаатномасини эълон қилган Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
“Нефть-газ-кимё саноатини янада ривожлантириш муҳим вазифадир. Полипропилен ва полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни бошладик. Бутадиен, карбамид, терефталик кислота ишлаб чиқариш бўйича бошқа истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Марказий Осиё – Марказ” магистрал газ қувурининг мамлакатимизга қарашли 800 километрдан ортиқ қисмини модернизация қилиш ишлари жуда қисқа муддатда ниҳоясига етказилди. Газни ташиш йўналишларини диверсификация қилиш ва унинг қувватини ошириш зарур. Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини газ билан таъминлаш Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан биридир”, - деди Президент.
Давлат раҳбарининг айтишича, ўтган йили бир қатор газ конлари ўзлаштирилди. Шунингдек, йилига умумий ҳажми бир миллиард куб метр газ бўлган янги конларни ўзлаштириш режалаштирилган.
“Ҳозиргача бу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилмаган. Шунинг учун газни ички бозорга самарали тақсимлаш зарур. Иссиқлик электр марказлари ва оддий истеъмолчиларни кўмир ўрнига газ ёқишга ўтказиш ишларини жиддий йўлга қўйиш зарур. Ҳукуматга Жанаўзен, Қашаған ва Қарашиғанақда газни қайта ишлаш корхоналари қурилишини тезлаштиришни топшираман. Бу асосий вазифа. Ушбу соҳани муваффақиятли ривожлантириш учун қисқа муддатда инвестицияларнинг даромадлилигини таъминлаш, жумладан, мақбул тарифлар ва улгуржи нархларни белгилаш бўйича самарали рағбатлантириш чораларини кўриш зарур. Бу чора-тадбирлар газ конларини геология-қидирув ишларига янги сармояларни жалб қилиш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Акс ҳолда, иқтисодиётни зарур миқдорда газ билан таъминлашнинг имкони бўлмайди”, - деди Президент.