Қасим-Жомарт Тоқаев дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари рўйхатига киритилди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев The Muslim 500 йиллик рўйхатига киритилди. Давлат раҳбари 2027 йилги нашрда сиёсий арбоблар тоифасида рўйхатга олинган.
Рўйхат ҳар йили Иорданияда жойлашган Подшоҳлик исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан нашр этилади.
Нашрда Қасим-Жомарт Тоқаев Political ("Сиёсат") тоифасида келтирилган. Мақолада 2022 йилда бошланган сиёсий ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланишича, январь воқеаларидан кейин Қасим-Жомарт Тоқаев "Янги Қозоғистон"ни яратиш ташаббуси билан чиққан ва кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни таклиф қилган.
Конституцияга киритилган ўзгартиришлар 2022 йил июнь ойида бўлиб ўтган республика референдумида маъқулланган. Ушбу ўзгартиришлар Президентнинг ваколатларини чеклаш, Парламент ролини кучайтириш ва Президентнинг яқин қариндошларининг давлат хизматида юқори лавозимларни эгаллашини тақиқлаш учун мўлжалланган эди.
Нашр муаллифлари, шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида 81,31 фоиз овоз олиб ғалаба қозонганини эслатиб ўтишди. Янги Конституцияга кўра, у етти йиллик муддатга атиги бир марта сайланган.
The Muslim 500
The Muslim 500 — бу дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон аҳлига сезиларли таъсир кўрсатган шахслар ҳақидаги йиллик нашр.
Рўйхатни тузишда жамоатчилик фикри, эксперт баҳолари, ижтимоий кўрсаткичлар ва номзодларнинг умр бўйи эришган ютуқлари ҳисобга олинади. Шахсларнинг нуфузи нафақат сон кўрсаткичлари, балки уларнинг мусулмон аҳлига узоқ муддатли таъсири билан ҳам баҳоланади.
Нашрга жами 500 киши киритилган. Энг яхши 50 иштирокчига рейтингда аниқ ўринлар берилади, қолган 450 киши эса сиёсат, дин, бизнес, фан, маданият, хайрия, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи 13 та тоифага бўлинган.
The Muslim 500 тарихида биринчи марта 2027 йилги нашрда биринчи ўринни беш киши бўлишди. Хусусан, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода ва бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, Покистон бош вазири Миан Муҳаммад Шаҳбоз Шариф, Покистон мудофаа кучлари раҳбари ва армия штаби бошлиғи фельдмаршал Асим Мунир ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған.
Нашр муаллифлари бу қарор ушбу сиёсий раҳбарларнинг Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси билан боғлиқлигини тушунтиришди.
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг февраль ойида Қасим-Жомарт Тоқаев Мусулмон оқсоқоллар кенгаши ва Шайх Зайд инсоний биродарлик мукофоти бош котиби Муҳаммад Абдулсалом билан учрашган эди.