Қасим-Жомарт Тоқаев Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярни қабул қилди

Тоқаев
Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар беради.

Президентга саноат лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Роман Склярнинг қайд этишича, биринчи ярим йилликда тоғ-кон саноати 105,1 фоизга, машинасозлик 9,4 фоизга, тоғ-металлургия комплекси 8,3 фоизга ўсган.

“Давлат раҳбарига нефть ва газ қувурларини қуриш, газни қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш ва нефть-кимё ишлаб чиқаришига оид лойиҳаларнинг бориши тақдим этилди. Йил бошидан буён 44,7 миллион тонна нефть ва газ конденсати, шунингдек, 30 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Жорий йил охирига қадар 128 та аҳоли пунктига газ қувурлари ётқизилиб, зангори олов билан таъминлаш даражаси 61,8 фоизга етказилади”, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, транспорт ва энергетика соҳаларида янги инфратузилма лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Роман Скляр Президентга иситиш мавсумига тайёргарликнинг бориши ҳақида маълумот берди. Айни пайтда 309 километр иссиқлик тармоғида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун қарийб 154 миллиард тенге сарфланади. Бундан ташқари, жорий йилда умумий қиймати 327 миллиарда тенгега 10 энергия блоги, 55 та қозон ва 45 та турбинани капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Қасим-Жомарт Тоқаевга Инвестицияларни жалб қилиш бўйича кенгаш фаолияти, хусусан, хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди. Уларнинг бир қисми бўйича келишувларга Давлат раҳбарининг хорижга ташрифи чоғида эришилган.

Кенгаш фаолияти қайта ташкил этилганидан буён умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 77 та инвестиция лойиҳаси бўйича ҳал қилинмаган масалалар ҳал этилди. Шу билан бирга, машинасозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, тоғ-кон саноати, металлургия комплекси, энергетика, ер қаъридан фойдаланиш каби соҳалардаги юқори қўшимча қийматга эга лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, бу борадаги ишларни давом эттириш бўйича кўрсатмалар берди.

Сўнгги хабарлар
telegram