Қасим-Жомарт Тоқаев бир қатор давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
ASTANA. Kazinform - Ақорда қароргоҳида етти давлатнинг фавқулодда ва мухтор элчилари томонидан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform агентлиги.
Ишонч ёрлиқларини Испания Қироллиги элчиси Луис Франсиско Мартинес Монтес, Эстония Республикаси элчиси Яап Ора, Ўзбекистон Республикаси элчиси Бахтиёр Иброҳимов, Судан Республикаси элчиси Муҳаммад Ал-Ғазали Сирраж, Руанда Республикаси элчиси Чарльз Кайонга, Доминикан Республикаси элчиси Алехандро Ариас Сарсуэла, Маврикий Республикаси элчиси Хесвар Жанке топширдилар.
Давлат раҳбари дипломатларга табрик нутқи билан мурожаат қилди.
– Қозоғистон тинчликсевар ташқи сиёсат юритади, халқаро ҳамкорликка очиқ ва БМТ Низоми тамойилларига содиқдир. Биз БМТ глобал тизимда ажралмас рол ўйнашига қатъий ишонамиз ва биз ушбу универсал ташкилотни қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга, биз давлатларингиз билан икки томонлама муносабатларни, шунингдек, кўп томонлама даражадаги ҳамкорликни ривожлантиришга интиламиз. Қозоғистон жадал ривожланаётган давлат ва биз иқтисодиётимизни барқарор қила олишимизга ишонамиз. Албатта, бу осон жараён эмас, лекин муваффақият кўп жиҳатдан бизнинг, жумладан, давлатларингиз билан қандай ҳамкорлик қилишимизга боғлиқ, — деди Президент.
Якунда Қасим-Жомарт Тоқаев элчиларни дипломатик миссиянинг расмий бошланиши билан табриклади ва уларнинг давлат раҳбарларига эзгу тилакларини йўллади.