Қасим-Жомарт Тоқаев БАА президентини Қозоғистонга таклиф қилди

Қасим-Жомарт Тоқаев БАА президентини Қозоғистонга таклиф қилди
Фото: ҚР ТИВ

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари Зоид Ол Наҳаённи келаси йили бўлиб ўтадиган Астана халқаро форумига таклиф қилди ва ундан ушбу тадбирдаги иштирокини мамлакатга расмий ташрифи билан бирлаштириш имкониятини кўриб чиқишни сўради. Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Абу-Дабида БАА Ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаёнга таклифномани топширди, деб хабар беради Kazinform.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, М.Нуртилеу ўз ҳамкасбини 30 ноябрдан 12 декабргача Дубайда бўлиб ўтаётган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенциясининг CОР28 конференцияси муваффақиятли ташкил этилгани билан табриклади. Шунингдек, у Қозоғистон ва Амирликларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги етакчи сиёсатини қайд этиб, халқаро ташаббуслар ва мамлакатларнинг миллий мажбуриятлари юксак аҳамият касб этишини таъкидлади.

Икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш чоғида М.Нуртилеу Амирликлар Қозоғистоннинг минтақадаги ўта муҳим ҳамкори эканлигини ва мамлакатларни анъанавий қардошлик муносабатлари боғлаб туришини таъкидлади.

“Томонлар Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил январь ойида Абу-Дабига қилган расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқдилар ва икки давлат раҳбарларининг яқин сиёсий мулоқоти Қозоғистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп тармоқли муносабатларни самарали ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги билан келишиб олдилар”, – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Қозоғистон ТИВ раҳбари ўзининг амирлик ҳамкасбига Қозоғистон Республикаси Давлат раҳбарининг БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга 2024 йилда бўлиб ўтадиган Астана халқаро форумига таклиф мактубини топширди ва ушбу тадбирдаги иштирокини мамлакатга расмий ташриф билан бирлаштирган имкониятини қайд этди.

“Учрашувда сўнгги йилларда ривожланиб бораётган сармоявий ва технологик ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига ошириш учун мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга келишиб олдилар.

Ушбу мақсадга эришиш учун вазирлар икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини очиш зарурлигини таъкидлаб, «Etihad Airways» ва «Air Arabia» компанияларининг рейсларини очиш имкониятларини ўрганишга келишиб олдилар”, – дейилади хабарда.

Учрашув якунида М.Нуртилеу Шайх Абдуллани келаси йили расмий ташриф билан Астанага келишни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Абу-Дабига ташрифи доирасида Кипр Республикаси ташқи ишлар вазири Константинос Комбос билан учрашув ўтказган ва бир қатор масалаларни муҳокама қилган эди. Улар орасида келаси йили Астанада Кипр элчихонасини очиш мавзуси ҳам бор.

Сўнгги хабарлар