Қашаған ва Тенгиздан 647 миллион тонна нефть қазиб олинди
Қашаған ва Тенгиз конлари ўзлаштирилганидан буён 647 миллион тонна нефть қазиб олинди, деб хабар беради Каzinform.

“Қашаған ва Тенгиз нефть конлари ўзлаштирилгандан бери 647,6 миллион тонна (Қашаған – 97,8 миллион тонна, Тенгиз – 549,8 миллион тонна) нефть қазиб олинди”, – дея таъкидлади ҚР Энергетика вазирлиги агентликнинг расмий сўровига жавобан.
Вазирлик маълумотларига кўра, 1997 йил 18 ноябрдаги Шимолий Каспий маҳсулотини тақсимлаш тўғрисидаги битим (ШКМТТБ) доирасида ШКМТТБ (пудратчи компаниялар ва Республика) томонлари ўртасида маҳсулот тақсимоти ШКМТТБ шартномаларида назарда тутилган маҳсулотни тақсимлаш механизмлари асосида амалга оширилмоқда. Маҳсулотни кейинги сотиш (нефть экспорти, нархи ва бошқалар масалалари) ШКМТТБ қошидаги пудратчи ташкилотлар томонидан мустақил равишда белгиланади. Яъни, бу масалалар ШКМТТБ доирасида кўриб чиқилмайди.
Эслатиб ўтамиз, “Қашаған” Каспий денгизининг Қозоғистон секторидаги биринчи ва энг йирик нефть кони ҳисобланади. 2000 йилда очилган. Бу ерда қазиб олинадиган нефть захиралари 9-13 миллиард баррелга баҳоланмоқда. "Қашаған"да тижорат нефть қазиб олиш 2016 йилнинг кузида бошланган.
Тенгиз – Қозоғистоннинг Атирау вилоятида, Атирау шаҳридан 350 километр жануби-шарқда жойлашган нефть ва газ кони. Каспий минтақаси нефть ва газ провинциясига тегишли. 1979 йилда очилган. Тенгиз нефть захиралари бўйича Қозоғистонда 2-ўринни эгаллайди (Қашаган конидан кейин). Геологик захираларнинг тахминий ҳажми - 3 миллиард 133 миллион тонна. Йўлдош газ захираси 1,8 триллион куб метрни ташкил этади.