Қанат Ислам рингга қачон чиқишини маълум қилди

Қанат Ислам
Фото: Kazinform

Қозоғистонлик профессионал боксчи Қанат Ислам (29-1, 22 КО) рингга қачон чиқишини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

“Ўзингизга маълумки, охирги уч-тўрт йилдан бери мамлакатда профессионал бокс бўйича мусобақалар ўтказилмаган. Бунгача Алмати ва Астана шаҳарларида тез-тез ўтказилган ва буни ҳеч ким унутганича йўқ. Ўша анъанани яна давом эттирмоқчимиз, ёшларни спортга жалб этиб, бўлажак чемпионлар тайёрлашга оз бўлсада ёрдам берсак деймиз. 16 декабрь – Мустақиллик байрамида яхши бокс кечаси ташкил этишни режалаштирганмиз”, - деди боксчи Қанат Ислам.

Ўша куни ўзи ҳам рингга чиқиш ниятида эканлигини ҳам айтиб ўтди.

“Бугунгача бир-икки марта Президентимиз Қасим-Жомарт Тоқаев қабулида бўлганман. Мамлакатимизда профессионал боксчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш, тез-тез бокс кечаларини ташкил этиш бўйича таклифлар бердим. Президент таклифларимни қабул қилди. Бўлажак мусобақалар ҳақида вазирлик ва Президент Администрациясига хат ёздик. Энди ўша идоралардан яхши жавоб бўлса, бокс кечаси ўтказамиз, деб ўйлаймиз. Ўша куни мен ҳам рингга чиқишни режалаштирганман. Бошқа боксчилар ҳақида тез орада маълум қиламиз”- деди у.

Эслатиб ўтамиз, Қанат Ислам ринггга чиқмаганига деярли бир йил бўлди. У ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Плант-Сити шаҳрида аргентиналик Хавьер Франсиско Масиэлани (34-21, 23 КО) ҳакамлар қарорига кўра мағлуб этганди.

Муаллиф: Кунсултан Отарбай

Сўнгги хабарлар